Меҳмонхоналар мижозлардан никоҳ гувоҳномаси сўрамайдиган бўлди

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг Ўзбекистон ҳудудида меҳмонхона хизмати кўрсатиш тартибига оид Низомини тасдиқлаш қарори 20 май куни Адлия вазирлигида рўйхатдан ўтказилди.

Беш бобдан иборат Низомга кўра¸ Ўзбекистон ҳудудида “меҳмонхона хизматлари яшаш жойи (прописка)¸ фуқаролик¸ жисмоний шахсларнинг қариндошлик ва никоҳ муносабатлари¸ шунингдек¸ шахсий ҳаëт ҳуқуқини чекловчи бошқа омиллардан қатъий назар кўрсатилиши лозим”.

Бу Низом лойиҳасида меҳмонхоналардан бир номерда қолмоқчи бўлган эркак ва аëлдан никоҳ гувоҳномасини сўраш ва мижозлар “ғайриахлоқий ҳаракатлар”да гумонланган тақдирда¸ уларга хизмат кўрсатишни рад этиш ва бу ҳақда ички ишлар тизимига хабар бериш қоидасини киритиш таклиф қилинган эди.

20 майдан кучга кирган Низомга бу шартларнинг киритилмагани¸ ҳуқуқшунослар томонидан¸ ҳужжатнинг меҳмонхона хизматлари кўрсатиш ва шахсий ҳаëт дахлсизлигини ҳурматлашга оид халқаро стандартларга мувофиқлаштирилгани сифатида талқин этилмоқда.

Низомга кўра¸ 16 ëшгача бўлганларга меҳмонхона хизматлари "улар билан бирга бўлган ота-оналари (қонуний вакиллари) ëки ҳамроҳлик қилаëтган бошқа шахсларнинг фуқаролик паспорти ëки шахсини тасдиқловчи бошқа ҳужжати"¸ ҳамда вояга етмаганларнинг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаси ëки паспорти асосида амалга оширилади.