Инстаграмнинг 49 миллион фойдаланувчиси шахсий маълумотлари ошкор этилгани аниқланди

Инстаграм тармоғининг 49 миллион фойдаланувчисининг шахсий маълумотлари Интернетда ошкор этилгани аниқланди.

TechCrunch нашрининг 21 майда билдиришича, асосан саҳифаларида реклама жойлаштирилган фойдаланувчиларнинг шахсий маълумотлари ошкор бўлган. Улар орасида машҳур одамлар, таниқли блогерлар ва брендлар ҳам борлиги айтилмоқда.

Мазкур фойдаланувчиларнинг шахсий маълумотлари Инстаграмда реклама сотиш билан шуғулланадиган ҳинд ширкати маълумотлар базасига йиғилган. Ширкат ходимлари бу маълумотлар базасини ҳеч қандай паролларсиз Amazon Web Services аккаунтида сақлаганлар.

TechCruch нашри ҳинд ширкатига мурожаат қилганидан сўнггина шахсий маълумотлар базасига кириш имконияти тўсиб қўйилганини билдирди.

Апрель ойида Инстаграм мансуб бўлган Facebook ширкати ҳиссадорлари тармоқ асосчиси ва бошқарув раиси Марк Цукербергни истеъфо беришга чақирган эдилар. Уларга кўра,ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг шахсий маълумотлари ўғирлангани тшғрисидаги қатор жанжаллар ортидан Facebook акцияларининг биржадаги нархи арзонлаб кетган.