АҚШ Сурия ҳукумат кучларини янги кимёвий ҳужумларни уюштирганликда гумонламоқда

Сурия манзараси.

АҚШ Сурия ҳукумат кучларини янги кимёвий ҳужум уюштирганликда гумонламоқда. Давлат департаментининг 21 май куни эълон қилган баёнотида айтилишича, Сурия мухолифатининг сўнгги таянч нуқтаси бўлиб қолаётган Идлиб вилоятига 19 май куни хлор гази билан кимёвий ҳужум уюштирилган.

Давлат департаменти матбуот котиби Морган Ортагус «Башар Ассад ҳукумати кимёвий қуролни қўлламоқда. Бу ҳолатга АҚШ ва унинг иттифоқчилари тезкор ва мос равишда жавоб қайтаради», деб айтди.

Ортагус Башар Ассаднинг асосий қўлловчиси бўлган Россия ҳукумати Сурияда кимёвий қуролни мухолифат қўллаётгани ҳақида ёлғон хабарларни тарқатаётганини танқид қилди.

Аввалроқ Суриядаги Россия ҳарбий қўмондонлиги вакили Виктор Купчишин қуролли мухолифатнинг асирга олинган аъзолари сўроқ пайтида Сурия ҳукумат кучларини айбдор қилиш мақсадида кимёвий ҳужумларни уюштирганлари ҳақида кўрсатма берганларини эълон қилганди.