Саакашвили Зеленскийдан Украина ватандошлигини тиклашни сўради

Михаил Саакашвили

Грузия собиқ президенти¸ Украинанинг Одесса минтақаси собиқ губернатори Михаил Саакашвили президент Владимир Зеленскийдан Украина ватандошлигини қайта тиклашни сўради.

Саакашвили адвокатига кўра¸ бу сўров ëзилган расмий мактуб 22 май куни Зеленский маъмуриятига топширилган.

Саакашвилини 2015 йили Одесса губернатори лавозимига тайинлаган аввалги президент Петро Порошенко унга Украина ватандошлигини берган эди.

Грузия икки фуқароликни тан олмаслиги асосида Тбилиси ҳукумати Саакашвилини 2015 йил декабрида Грузия ватандошлигидан чиқарган эди.

Порошенко ва унинг ҳукуматини коррупцияда айблаши ортидан Саакашвилининг Киев ҳокимияти билан муносабатлари бузилган ва 2016 йил ноябрида Порошенко уни губернаторликдан бўшатган эди.

2017 йил июлида Саакашвили Янги кучлар ҳаракати деб номланган мухолифат гуруҳи тузиши ортидан Порошенко уни Украина ватандошлигидан маҳрум қилди.

Ватандошликни тиклаш сўровида Саакашвили Порошенко қарорининг ноқонуний ва ҳам Украина¸ ҳам халқаро қонунларга зид экани ва ўзини фуқаролиги йўқ шахсга айлантирганини таъкидлаган.

20 май кунги қасамëд нутқида президент Зеленский¸ ким Украина келажаги учун ишлашга тайëр бўлса¸ унга ватандошлик беришга ҳозирлигини билдирган эди.