"Халқ банки" ходимлари яна маблағларни ноқонуний ўзлаштирганликда айбланмоқда

“Халқ банки” ходимлари марҳумларнинг пенсияларини ноқонуний равишда ўзлаштирганликда айбланмоқда.

Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари пенсия жамғармасининг 23 май куни билдиришича, йил бошидан бери ўтказилган мониторинглар натижасида айрим ҳудудларда “Халқ банки” ходимлари белгиланган тартибга зид равишда тўловларни амалга оширгани аниқланган.

Расмий хабарда билдирилишича, вафот этган фуқароларнинг 25 миллион 100 минг сўмлик пенсиялари бошқа шахсларга тўланган, шунингдек, банк ходимлари томонидан 13 миллион 400 минг сўм маблағ ўзлаштирилган.

Бундан ташқари банк ходимлари пенсия пулларидан 108 миллион сўмни тегишли ҳужжатларсиз бошқа шахсларга тўлаганлар, касаллиги туфайли ётиб қолган фуқароларга эса 201 миллион 900 минг сўмлик пенсия пули асоссиз равишда етказиб берилмаган.

Айтиб ўтиш лозимки, “Халқ банки”да бу каби ҳолатлар тез-тез содир этилиши матбуотда ёритилиб борилади.

Жумладан, 5 февралда банкнинг Фарғона вилояти Ёзёвон туман филиалида юз минг доллар йўқолиб қолган эди. Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон туманида 16 февраль куни “Халқ банки”нинг “Дамас” сайёр касса машинасидан 60 миллион сўм миқдордаги пенсия ва нафақа пуллари ўғирланди.

Якинда эса Бош прокуратура “Халқ банки”нинг Сурхондарё вилояти Денов туман филиалида имтиёзли кредит учун ажратилган 319 миллион сўм миқдоридаги маблағ ходимлар томонидан ноқонуний ўзлаштирилгани юзасидан жиноят иши очилганни билдирган эди.