Фаластинда иқтисодий вазият ёмонлашмоқда, Ғазода гуманитар инқироз юзага келди

БМТнинг Яқин Шарқ тинчлик жараёни бўйича махсус вакили Николай Младенов.

БМТнинг Яқин Шарқ тинчлик жараёни бўйича махсус вакили Николай Младенов Фаластин мухториятида вазият ёмонлашаётгани тўғрисидаги ҳисоботини эълон қилди.

БМТда Фаластин масаласи муҳокама қилиниши муносабати билан ёзилган ҳисоботда, Фаластинда ярим йил ичида иқтисодий вазият салбий томонга ўзгаргани қайд этилади. Ҳисоботда таъкидланишича, бу АҚШ Фаластинга кўрсатиладиган ёрдамни тўхтатгани ҳамда Фаластин ҳукумати Исроил берадиган кўмакни олишдан бош тортгани билан изоҳланади.

-Кенг қамровли зиддиятни бартараф этиш учун сиёсий майдоннинг узоқ вақт бўлмагани ортидан фаластинликларнинг турмуш даражаси ҳам ёмонлашмоқда. Зўравонликлар, яҳудий қишлоқларининг кенгайиб бораётгани, фаластинликларнинг уйлари бузилаётгани, мунтазам равишдаги иқтисодий таназзул таҳдиди хавфсизликка ўта жиддий таъсир кўрсатадиган ижтимоий портлашга замин ҳозирламоқда,-деди Младенов.

Унга кўра, олти ой ичида Ғазо минтақасида ўтказилган намойишлар пайтида Исроил ҳарбийлари томонидан 70 нафар фаластинлик ўлдирилган.

Ҳисоботда Ғазо минтақасида гуманитар инқироз юзага келгани, электр энергияси, озиқ-овқат ва сув етишмовчилиги кузатилаётгани ҳам таъкидланган.