Ироқ АҚШнинг Эронга нисбатан сиёсатига қарши эканини билдирди

Ироқ президенти Барҳам Солиҳ Эрон ташқи ишлар вазири Муҳаммад Жавод Зарифни Бағдодда қабул қилди. 25 май, 2019 йил.

Эрон ташқи ишлар вазири Муҳаммад Жавод Зариф Теҳрон араб давлатлари билан мувозанатли муносабатлар ўрнатиш тарафдори эканини таъкидлади ва қўшни давлатларни Эрон билан ўзаро уруш очмаслик тўғрисидаги пактни имзолашга чақирди.

Зариф бу ҳақда 26 май куни Бағдодда Ироқ ташқи ишлар вазири Муҳаммад Али ал Ҳаким билан учрашувдан сўнг ўтган матбуот анжуманида гапирди.

Икки давлат ташқи ишлар вазирлари АҚШ ва Эрон ўртасидаги муносабатлар кескинлашган ҳамда Вашингтон Бағдоддаги элчихонаси ходимларини хавфсизлик нуқтаи назаридан олиб чиқиб кетган бир пайтда ўтказилди.

Ироқ ташқи ишлар вазири Муҳаммад Али ал Ҳаким ўз баёнотида АҚШнинг Эронга қарши бир томонлама ҳаракатларини қўлламаслигини билдирди:

-Биз аниқ-тиниқ қилиб айтмоқчимизки, Қўшма Штатлар томонидан қўлланилаётган бир томонлама чораларга қаршимиз. Қўшнимиз Эронни бўйсундириш ва васийликка олиш ҳаракати бизга ёқмайди. Биз Эрон позициясини қўллаймиз, - деди ал Ҳаким.

АҚШ ва Эрон ўртасидаги муносабатлар Дональд Трамп ўтган йили Вашингтон Теҳрон билан 2015 йилда имзоланган ядровий шартномадан бир томонлама чиқишини эълон қилганидан сўнг мураккаблаша бошлаган эди.

Эрон бунга жавобан ядровий дастурини қайта тиклаши мумкинлигини билдирган. Вашингтон эса жавоб тариқасида Эронга иқтисодий санкциялар жорий этган.