Дональд Трамп Япониянинг янги императори билан учрашган жаҳондаги илк давлат раҳбари бўлди

Президент Дональд Трамп Япония императори Нарухито билан.

АҚШ президенти Дональд Трамп Япониянинг янги императори Нарухито ва малика Масако билан учрашган жаҳондаги илк давлат раҳбари бўлди. Нарухито 1 май куни тахтга ўтирган эди.

59 ёшли Нарухито Япониянинг 126-императори. 85 ёшли император Акихито 2017 йилда 2019 йилнинг 30 апрелида тахтни ўғлига топширишини билдирган эди. Акихито сўнгги 200 йил ичида тахтдан ўз ихтиёри билан воз кечган биринчи император бўлди.

Император ва малика Трампни 27 май куни Токио император саройида кутиб олдилар. Бу маросим Трампнинг Японияга 4 кунлик давлат ташрифини расман бошлаб берди.

АҚШ президенти Доналд Трамп 25 май куни рафиқаси Мелания билан Япония пойтахти Токиога келди.

Ташриф давомида Трамп император Нарухито ва бош вазир Синдзо Абэ билан учрашади.

Ўзининг тўрт кунлик сафари давомида Оқ уй раҳбари Япониядаги америка ҳарбий базасига ҳам боради.