Исроил президенти Германия расмийси яҳудийларни миллий бош кийим киймасликка чақирганидан норози

Исроил президенти Реувен Ривлин.

Исроил президенти Реувен Ривлин немис ҳукумати расмийси яҳудийларни Германияда миллий бош кийим-кипаларни киймасликка чақирганига норозилик билдирди.

Германия ҳукуматининг антисемитизмга қарши кураш бўйича махсус вакили Феликс Кляйн аввалроқ “жамиятда босиқликни сақлаш механизмлари заифлашгани” ва “диндор яҳудийларга нисбатан шафқатсиз муносабат” кўпайиб бораётгани ортидан яҳудийлар хавфсизлик нуқтаи назаридан миллий бош кийимни кийишдан бош тортиши кераклиги ҳақида гапирган эди.

Исроил президенти ўз норозилик баёнотида “Германия ҳукуматининг яҳудийлар олдида мажбуриятлари бор”лигини унутмасликка чақирди.

“Германияда яҳудийлар хавфсизлиги масаласида қўрқувнинг юзага келгани, бу антисемитизм ғалаба қилганини ва яҳудийлар яна немис заминида ўзларини хавфсиз сеза олмаслигини тан олишдир. Биз ҳеч қачон антисемитизмга бўсунмаймиз, кўзимизни олиб қочмаймиз ва мағлуб бўлмаймиз”, деди Ривлин.

Германия ҳукуматининг антисмеитизмга қарши кураш бўйича махсус вакили Феликс Кляйн фикрни Германия яҳудийлар марказий кенгаши раҳбари Йозеф Шустер ҳам қўллаб- қувватлаган эди. Унга кўра, яҳудийларнинг диний мансублигини англатувчи кийимларни кийишлари уларга нисбатан потенциал таҳдидларни кўпайтириши мумкин.