Кремль лойиҳаси бўлган Sputnik нашрининг бош муҳаррири Литвадан депортация қилинди

Sputnik вебсайти.

Кремлнинг лойиҳаси экани айтиладиган Sputnik нашрининг Литвадаги шўъбаси бош муҳаррири Марат Касем мамлакатга киритилмади.

28 май куни билдирилишича, Литва пойтахти Вильнюсга навбатдаги сафардан қайтган Марат Касем аэропортдан ташқарига чиқарилмаган ва ўша куниёқ Латвияга депортация қилинган.

Бу ҳақда хабар берган Sputnik нашри Марат Касем Латвия фуқароси эканини ҳам билдирди. Хабарда айтилишича, Марат Касемга Литвага кириш 5 йилга тақиқланди.

Литва чегара хизмати расмий сайтида маълум қилинишича, Марат Касем “Литва миллий хавфсизлигига таҳдид” сифатида кўрилади.

Марат Касем Латвия пойтахти Ригага қайтганидан сўнг тарқатган видеосида Вильнюс аэропортида 6 соат ушлаб турилгани ва сўроқ қилинганини айтди. Унга кўра, сўроқ пайтида унга Россия махсус хизматлари билан қандай алоқада экани тўғрисидаги саволлар берилган.