Европа кенгаши президенти Марказий Осиёга ташрифини бошлади

Европа кенгаши президенти Дональд Туск Марказий Осиёга тўрт кунлик хизмат сафарини Тожикистондан бошлади.

29 май куни Тускни Тожикистон ташқи ишлар вазири Сирожиддин Муҳриддин Душанбе аэропортида кутиб олди.

Туск 30 майда президент Эмомали Раҳмон билан музокаралар ўтказганидан сўнг, Нурсултонга жўнаб кетади.

31 май куни Қозоғистон муваққат президенти Қосимжўмарт Тўқаев ва Қозоғистон биринчи президенти Нурсултон Назарбоев билан учрашади.

31 май куни Туск Ўзбекистонга келади ва президент Шавкат Мирзиёев қабулида бўлади.

Европа кенгашининг маълум қилишича, учрашувларда Европа Иттифоқининг Марказий Осиёга нисбатан янги стратегиясига доир масалалар, минтақавий ва икки томонлама ҳамкорлик, иқлим ўзгариши, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, чегараларни бошқариш ҳамда хавфсизлик муаммолари муҳокама қилинади.

Тускнинг ташрифидан икки ҳафта олдин Европа Иттифоқи Марказий Осиё бўйича янги стратегиясини эълон қилган эди.