Т. Норбоева: Ўзбекистон Суриядаги фуқароларни олиб келишни давом эттиради

Суриядан қайтган аёллар ва болалар, 30 май, 2019 йил

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раиси Танзила Норбоева Яқин Шарқдаги низоли ҳудудлардан аёллар ва болаларни олиб келиш амалиёти давом этишини билдирди.

Gazeta.uz нашрига берган шарҳида Норбоева 30 май куни қайтарилганларга шифокорлар ва психиологлар ёрдам бераётганини айтди.

30 май куни Суриядан 156 киши Тошкентга олиб келинди. Танзила Норбоеванинг аниқлик киритишича, буларнинг 48 нафари аёл, 106 нафари болалардир.

"Булар тақдири жуда аянчли тус олган, вазиятни яхши билмасдан хорижга чиққач, оғир аҳволга тушиб қолган аёллардир. Ҳаётий тажриба ва ҳуқуқий билими бўлмагани боис, шунақа натижа келиб чиққан", дея иқтибос келтиради нашр Норбоевадан.

Унинг айтишича, қайтган аёллар ва болалар ҳозир "соғломлаштириш масканлари"га жойланмоқда. Уларнинг ҳужжатларини тиклаш ишлари бормоқда.

"Болаларни ҳам жойлаштирамиз ва ҳамма муаммолар ҳал қилинади", дея маълум қилади Танзила Норбоева.

Айни пайтда, соғломлаштириш масканларига жойланаётган аёллар қандай сақланмоқда, уларга бошқалар билан учрашиш имкони берилганми, болалар оналари билан бирга сақланадими ёки бошқа жойга жойлаштириладими - бу борада ҳозирча маълумот берилмади.