Ўзбекистон ва Россия дипломлари ўзаро тан олинадиган бўлди

Иллюстратив сурат.

Бундан буён Ўзбекистон олийгоҳларидан бирини битирганлик тўғрисидаги диплом Россияда тан олинади. Россия олийгоҳи битирувчисининг дипломи эса Ўзбекистонда инобатга олинади.

Россия Таълим ва фан вазирлигининг билдиришича, бу борадаги ҳужжат Бош вазирлар Дмитрий Медведев ва Абдулла Арипов раҳбарлигида Урганчда ўтган ҳукуматлараро комиссия йиғилишида имзоланди.

Мазкур ҳужжатга асосан, дипломлардан ташқари ҳар икки давлатдан бирида берилган олимлик илмий даражаси ва квалификацияси ҳам ўзаро тан олинади.

Бу шартномага эришилиши Россия ёки Ўзбекистон олийгоҳларини битирган одамлар бу мамлакатлардан бирида ўз мутахассисликлари бўйича ҳеч қандай тўсиқларсиз ишлай олишини англатади.