Араб давлатлари Маккада ўтказилган фавқулодда саммитда Эронни қоралади

Саудия Арабистони подшоҳи Салмон бин Абдулазиз Ал-Сауд 

Саудия Арабистони подшоҳи Салмон бин Абдулазиз Ал-Сауд Маккада араб давлатлари етакчилари иштирокида ўтказилган навбатдан ташқари саммит давомида халқаро ҳамжамиятни Эроннинг бошқа давлатларнинг ички ишларига аралашувига барҳам бериш учун барча чораларни кўришга чақирди.

30 май куни подшоҳ Эронни глобал ва минтақадаги террор гуруҳларига бошпана беришда ҳамда халқаро сув йўлларига таҳдид солишда айблади.

Саммит Теҳрон билан Вашингтон ва унинг араб ҳамкорлари ўртасидаги муносабатлари танглиги фонида ўтказилди.

АҚШ дастаклаб келаётган сунний Саудия Арабистони шиа Эроннинг ашаддий рақиби бўлиб, иккала давлат минтақада етакчиликни қўлга киритиш учун курашиб келади.

Саудия Арабистонида нефть қазиб олиш станцияларига ҳамда мамлакат соҳилига яқин ҳудудларда нефть танкерларига ҳужум қилиниши ортидан минтақадаги вазият янада кескинлашди. АҚШ ва араб давлатлари ҳужумларда Эронни ҳамда унинг ҳамкорларини айблади. Теҳрон эса бу айбловларни рад этиб келади.

Саммит иштирокчилари эълон қилган қўшма баёнотда араб давлатларининг ўзларини мудофаа қилиш ҳуқуқига урғу берилди.