Франция ва Германия Украинада тинчлик ўрнатиш юзасидан музокараларни тиклашга чақирди

Германия ташқи ишлар вазири Ҳейко Маас.

Франция ва Германия Украина шарқида тинчлик ўрнатиш бўйича тўхтаб қолган музокараларни қайта жонлантиришни истайди. Бу ҳақда икки давлат ташқи ишлар вазирлари маълум қилди.

30 май куни Германия ташқи ишлар вазири Ҳейко Маас ҳамда Франция ташқи ишлар вазири Жан-Ив Ле Дриан Киевда Украинанинг янги сайланган президенти Володимир Зеленский билан “жуда самарали” учрашув ўтказилганини айтишди.

2014 йил сентябрида ва 2015 йил февралида Украина ва Россия Беларусь пойтахти Минскда Германия ва Франция ўртамчилигида тинчликка эришиш шартномасини имзолаган эди. Ўшандан бери Германия ва Франция тарафларни битим шартларига амал қилишга чорлаб келади.

2014 йилдан бери Украина шарқида Киев кучлари ҳамда россияпараст айирмачилар ўртасида давом этаётган урушда камида 10 минг 300 одам ҳалок бўлди.

- Фурсатдан фойдаланиб, Минск тинчлик жараёнини қайта йўлга қўйишни истаймиз, чунки ҳозирча жараён тўхтаб қолган, - деди Маас.

Маас ва Дриан қўшма билдирув эълон қилиб, Москвани “тангликни кучайтириш ўрнига ишонч атмосферасини яратишга” чорлади.