Пентагон сунъий йўлдошларини фазога чиқаришда Россия ракеталаридан фойдаланишни тўхтатади

АҚШ Мудофаа вазирлиги 2023 йилдан бошлаб сунъий йўлдошларни фазога чиқаришда рус ракеталаридан фойдаланишни тўхтатади. 31 май куни эълон қилинган буйруқ Россиянинг ракета саноатига катта зарба бўлиши мумкин. Аммо бу қарор SpaceX ва Blue Origin каби хусусий АҚШ ширкатлари учун қўл келади.

АҚШнинг ушбу қарори Вашингтон ва Москва ўртасидаги муносабатлар тобора совиб бораётган бир пайтда эълон қилинди.

Пентагон одатда АҚШ ҳарбий сунъий йўлдошларини фақат АҚШ ширкатлари билан ҳамкорликда Ер орбитасига чиқаради.

Аммо АҚШ армияси баъзан тижорий ширкатлар хизматларидан ҳам фойдаланиб туради. Бундай тижорий ширкатларнинг айримлари эса рус ракеталаридан фойдаланади. “Роскосмос” вакили АҚШ ширкатлари ва ҳукумати “Союз” ҳамда “Протон”ракеталаридан фойдаланиб келаётганини билдирди.

Янги қарор 2023 йилдан бошлаб бунга чек қўяди. Пентагон бундай қарор АҚШ хавфсизлигини таъминлаш мақсадида қабул қилинганини маълум қилди.