Хитойдаги мусулмонларни "қайта тарбиялаш лагерларини" фош қилган хитойлик қозоқ Қозоғистонни тарк этди

Сайрагул Сауитбай

Судда берган кўрсатмалари Хитойнинг Шинжон-Уйғур мухтор районидаги “қайта тарбиялаш лагерларини” фош қилишга ёрдам берган хитойлик этник қозоқ Сайрагул Сауитбай Қозоғистонни тарк этди. Бу ҳақда Сауитбайнинг адвокати Айман Омарова маълум қилди.

Сауитбай Қозоғистон унга бошпана беришдан бош тортгани учун оиласи билан Швецияга учиб кетган.

Сауитбай ўтган йилнинг апрелида Хитойдан қочиб кетиб, судда Хитой ғарбида “қайта тарбиялаш лагерлари“ тармоғи мавжудлиги ҳақида кўрсатма берган эди. Сауитбай бу лагерларда минглаб этник қозоқ ушлаб турилганини айтган.

Сауитбай болалар боғчаси ходими ўлароқ ҳукуматнинг мамлакатдаги мусулмонларни, жумладан, уйғурларни, қозоқларни, қирғизларни ҳамда хуэйларни қайта тарбиялаш режаси билан боғлиқ ҳужжатлар билан танишиш имконига эга бўлган.

Аммо Қозоғистон Сауитбайга бошпана беришдан бош тортди.

БМТнинг Ирқий камситишни бартараф этиш бўйича қўмитаси ўтган йилда Хитойда этник уйғурлар аксилэкстремизм марказларида ушлаб турилгани, миллионлаб одам “қайта тарбиялаш лагерларига” юборилаётганини билдирган эди. Қўмита бу ҳолатни улкан “қуролсизлантириш лагерига“ қиёслаган.