Қирғизистон: Рамазон ҳайити намози фақат Бишкекдагина марказий майдонда ўқилади

Бишкекда 2018 йилда ўқилган ҳайит намози.

Жорий йилда Рамазон ҳайити намози фақат Қирғизистон пойтахти Бишкекдагина марказий майдонда ўқилади. Мамлакатнинг бошқа вилоятлари марказларида ва шаҳарларда ҳайит намози масжидларда адо этилади.

Озодлик радиоси қирғиз хизматига бу борада вилоят қозиятлари маълум қилган. Муфтият нега бундай қарор қабул қилингани юзасидан тушунтириш бермади.

Қирғизистонда Рамазон ва Қурбон ҳайити намозларини шаҳарларда марказий майдонларда ва катта стадионларда ўқиш анъанага айланган эди.

Биргина Бишкек марказий майдонида ўқиладиган ҳайит намозларига камида 50 минг одам йиғилиши айтиб келинади.

Рамазон ҳайити Қирғизистонда Ўзбекистонда бўлгани каби 5 июнь куни нишонланади. Бишкекда ҳайит намози соат 7:30да ўқилади.