Португалияда Ўзбекистон фуқароси пичоқлаб ўлдирилди

Иллюстратив сурат.

Португалиянинг Лейрия вилоятида 1 июнь куни Ўзбекистон фуқароси ҳалок бўлди. Ташқи ишлар вазирлигининг билдиришича, Икром Исломович Негматовга номаълум шахс пичоқ билан ҳужум қилган.

“Ҳозирги пайтда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари тергов тадбирларини олиб бормоқда ва марҳумнинг қариндошлари Ўзбекистон фуқаросининг жасадини Самарқанд шаҳрида дафн этиш мақсадида жўнатиш учун ҳужжатларни тайёрламоқда”, дейилади хабарда.

Вазирликнинг билдиришича, элчихона вазиятни назоратга олган ва зарурат туғилганда консуллик-ҳуқуқий ёрдам кўрсатади.