Бу йилги мавсумда 27 380 ўзбекистонлик Умра сафарида бўлиб қайтди

2018-2019 йиллар Умра мавсумида 27 380 ўзбекистонлик бу ибодатни адо этди. Шундан 5 500 зиёратчининг Умра сафари Рамазон ойига тўғри келди. Улардан 690 нафари Ҳайит намозини Маккада, Каъбада адо этди.

Бу маълумот Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита вакиллари Ўзбекистон Миллий матбуот марказида Рамазон ҳайити муносабати билан ОАВ учун ўтказган брифингда маълум қилингани тўғрисида маҳаллий нашрлар хабар қилди.

Маълум қилинишича, зиёратчиларга мавсум давомида 22 кишидан иборат ишчи гуруҳи, 133 шифокор ва 25 ошпаз хизмат кўрсатган. Ҳар бир гуруҳга биттадан тажрибали гуруҳ раҳбари бириктирилган.

Қўмита раисининг биринчи ўринбосари Музаффар Комиловнинг айтишича, илгарилари бир йилда шунча киши умра ибодатини адо қилган, 2018 йил охиридан бошлаб Умра зиёрати бўйича квота олиб ташланган, ўзбекистонлик мусулмонлар зиёратни истаганча амалга оширадиган бўлган.