"Саратовские авиалинии" ширкатига қарашли Ан-148 йўловчи учқичи ҳалокати ортидан ўтказилган текширувлар натижасида Россия фуқаролик авиациясининг 550 нафар учувчиси ишдан бўшатилган.
Россия Бош прокурори Юрий Чайка Давлат думасига қилган ҳисоботида шуни маълум қилди.
Ан-148 йўловчи учқичи 2018 йил февралида Москванинг Домодедово аэропортидан ҳавога кўтарилиши билан қулаб тушган ва бортдаги 65 йўловчи ва 6 нафар экипаж аъзоси нобуд бўлган эди.
Бу ҳалокатни тафтиш қилган махсус қўмита унга учувчиларнинг нотўғри ҳаракатлари сабаб бўлди¸ деган хулосага келган. Айтилишича¸ учувчилардан бирининг Росавиация томонидан тан олинмаган ўқув юртини битиргани аниқлангани ортидан давлат авиация агентлиги бундай ўқув юртлари битирувчилари дипломларини бекор қилган.
Boeing компанияси маълумотига кўра¸ Россия ва МДҲга аъзо бошқа давлатларга келаси 20 йил ичида 27 минг нафар учувчи керак бўлади.
АҚШ ва Европада учувчилар асосан хусусий муассасаларда ўқиса¸ Россияда йўловчи учқични бошқариш ваколатини берувчи махсус фуқаролик авиацияси институти Челябинскда жойлашган.