Тереза Мэй Консерваторлар партияси раҳбари лавозимидан кетди

Тереза Мэй партия раҳбарлигидан кетишини 24 май куни эълон қилган эди.

7 июнь куни Тереза Мэй Британия Консерваторлар партияси раҳбари лавозимини расман тарк этди. Мэй¸ партия мамлакат Бош вазири лавозимига янги номзодни сайлагунга қадар Лондон ҳукумати раҳбари бўлиб қолади.

Мэй Британиядаги ҳукмрон партия раҳбари лавозимидан 7 июнь куни истеъфога чиқишини 24 май куни эълон қилган эди. Ўз баëнотида Мэй¸ мамлакат манфаатлари учун шундай қарорга келгани ва бу ҳаракати Британияни Европа Иттифоқи аъзолигидан чиқариш жараëнини боши берк кўчадан олиб чиқишига умид қилаëтганини айтган эди.

Консерваторлар партиясининг Бош вазирликка даъвогарлик қилаëтган аъзолари 10 июнь куни ўз дастурини тақдим этади. Номзодларни овозга қўйиш жараëни парламентнинг 13 июнь кунги мажлисига белгиланган.

Британия матбуотига кўра¸ ҳозирга қадар партиянинг 11 аъзоси Бош вазирликка даъвогарлик қилишини билдирган.

Улар орасида мамлакатни ЕИдан чиқариш¸ айни пайтда¸ иттифоқда қолиш тарафдорлари ҳам бор.