Прокуратура Марғилонда ўтган тунда ёниб кетган бозорни ўз назоратига олди (ВИДЕО)

Fargonaliklar телеграм каналида тарқатилган видеодан сурат

Фарғонанинг Марғилон шаҳрида маҳаллий аҳоли "ТРЗ бозор", деб номлайдиган озиқ-овқат бозори бир тунда ёниб, кул бўлди.

Telegram тармоғидаги Fargonaliklar каналида берилган хабарларга кўра, бозор тунги соат 2дан тонгги соат 6 га қадар ёнган.

"1000га яқин одамнинг тирикчилиги, моли ёниб кул бўлди... Бу бозор собиқ трактор ремонти заводи биноларида жойлашган бўлиб, ҳеч бир бино бозор учун махсус қурилмаган", деб хабар берди ушбу канал.

Ўзбекистон Бош прокуратурасининг Озодликка маълум қилишича, бозор павильонининг том қисмидаги электр симида қисқа туташув бўлиб, кучли чақнаш юз берган ва натижада ёнғин келиб чиққан.

"Ёнғин соат 05:40 да бартараф этилган. Ҳалок бўлганлар ва тан жароҳати олганлар йўқ. Ҳозирда ёнғин сабаблари ва тадбиркорларга етказилган зарар миқдори аниқланмоқда", дейилади расмий хабарда.

Ёнғинда бозорнинг 1 минг 575 кв. метр қисмидаги том, ички қисм ҳамда унда сақланаётган озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат маҳсулотлари ёниб кетган.

Мазкур ҳолат юзасидан Марғилон шаҳар ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 259-моддаси 2-қисми «б» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Тергов вилоят прокуратураси томонидан ҳам назоратга олинган.

Айни пайтда, тармоқдаги Fargonaliklar канали Марғилонда бозорларнинг кўп ёнганини эслатаркан, "Ҳамма ёнғинлар кўчиш кераклиги ҳақидаги миш-мишлардан сўнг пайдо бўлади. Буларнинг бари шунчаки тасодифми?" деган саволни ўртага ташлади.