Қозоғистонда сайловни бойкот қилишга чақирган 500га яқин одам ҳибс қилинди

Олмаотада намойишга чиққанларни полиция тарқатмоқда.

Қозоғистоннинг Нурсултон ва Олмаота шаҳарларида президентлик сайловини бойкот қилиш чақириғи билан юзлаб одам кўчага чиқди.

-500 га яқин намойишчи Нурсултон ва Оламота шаҳарларида ноқонуний тарзда норозилик акциялари ўтказгани учун полиция участкаларига олиб келинди, - деди ички ишлар вазири ўринбосари Марат Кожаев.

Бундан ташқари полиция Озодлик радиоси мухбири ва бошқа хориж журналистларини, ҳуқуқ фаолларини қисқа муддатга ҳибс қилди.

Марказий сайлов комиссияси эълон қилган дастлабки натижаларга қараганда, 9 июнь куни бўлиб ўтган муддатидан олдин президентлик сайловида Қосимжўмарт Тўқаев 70 фоиздан ортиқ овоз олган. Расмий маълумотга кўра, 9 июнь соат 18 га қадар сайловчиларнинг қарийб 73 фоизи овоз бериб бўлган.

Президентлик учун 7 номзод курашаётган эди. Тўқаев номзодини Назарбоев раҳбари бўлган "Нур Отан" партияси илгари сурди. Сайловда айнан унинг ғалаба қозониши башорат қилинган.

Назарбоев шу йилнинг март ойида истеъфо бергач, унинг ўрнига президент вазифасини бажаришга киришган Қосимжўмарт Тўқаев муддатидан аввал сайлов эълон қилди.