Бош прокуратура: Гулнора Каримованинг олдига врачларнинг киришига тўсиқ йўқ

Гулнора Каримованинг олдига шифокорларнинг киришига ҳеч қандай тўсиқ йўқ. Каримованинг соғлиғи қониқарли, бирон эътироз билдирилмади, зарурат бўлса ҳар қандай тиббий муолажалар кўрсатилиши кафолатланган.

Бу ҳақда Озодликка Бош прокуратура матбуот хизмати 10 июнь куни билдирди.

Ўтган ҳафта охирида маҳаллий нашрлар Гулнора Каримованинг швейцариялик адвокати Грегуар Манжа (Grégoire Mangeat) ўз мижозининг қамоқхонада тиббий муолажа олишдан бош тортаётгани ҳақида ижтимоий тармоқдаги саҳифасида маълум қилгани ҳақида хабар қилган эди.

Гулнора Каримова Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти судининг 2017 йил 18 декабрдаги ҳукми билан 10 йилга қамалган, аммо 2018 йил 1 июлда бу ҳукм ўзгартирилиб, 5 йил муддатга озодликни чеклаш жазосига алмаштирилган. Бош прокуратурага кўра, қамоқ жазоси “маҳкума жиноий йўл билан орттирилган пул маблағларини қайтариш ва давлатга етказилган зарарни қоплаш мажбуриятларини ўз зиммасига олгани" боис озодликни чеклаш жазосига алмаштирилган. Жазони ўташ жойи этиб маҳкума Гулнора Каримованинг ўз танловига кўра, қизи Имон Каримованинг яшаш жойи белгиланганди.

Аммо, коррупция ва оғир иқтисодий жиноятларда айбланган Каримова жазони ўташ тартиби ва шартларини бузган. Натижада, 2019 йил 5 мартига келиб жиноят ишлари бўйича Яшнобод тумани суди маҳкумани умумий тартибли колонияга қайтаришга ҳукм қилган.

Каримова қарийб 10 йил давомида турли молиявий схемалар орқали акциялари АҚШ биржасида сотувга қўйилган уч йирик халқаро телеком ширкати – TeliaSonera, VimpelCom ва МTCдан жами 865 миллион доллар пора олганликда айбланмоқда.