Россияда журналист Голуновни озод этиш ҳаракатига шоу юлдузлари ҳам қўшилди (ВИДЕО)

Иван Голунов

Россияда журналист Иван Голуновни ҳибсдан озод этишни талаб қилаётганлар сафига бир гуруҳ таниқли шоу-бизнес юлдузлари ҳам қўшилди.

10 июнь куни рэп, рок ва кино юлдузлари 36 ёшли Иван Голуновни қўллаб-қувватлаб видеомурожаатларини эълон қилдилар.

Юлдузлар Голуновга қарши жиноят иши сохталаштирилганига ва бу иш сиёсий буюртма эканига ишонишларини айтдилар.

Видеомурожаат тарқатганлар орасида рэпер Oxxxymiron, DDT гуруҳи раҳбари Юрий Шевчук, мусиқачи Борис Гребенщиков, режиссер Андрей Звягинцевлар бор.

12 июнь куни Россияда фаоллар Иван Голуновни озод этиш талаби билан намойиш ўтказмоқчилар.

10 июнь куни Россиянинг уч нуфузли етакчи газетаси – “Ведомости”, “Коммерсантъ” ва РБКнинг Бош саҳифалари журналист Иван Голуновни озод этиш талаби билан чиқди.

Россиялик 6 мингдан ортиқ журналист Голуновни қамоқдан озод қилиш талаби билан Ички ишлар вазирлиги, Бош прокуратура ва тергов қўмитасига мурожаат қилди. Мазкур мурожаат Журналистлар касаба уюшмаси сайтида эълон қилинди.

7-8 июнь кунлар Россиянинг бошқа шаҳарларида ҳам норозилик намойишлари бўлиб ўтди.

Якшанба куни change.org сайтида журналистни озод қилиш тўғрисидаги петицияни 110 мингдан кўпроқ одам имзолагани маълум бўлди.

Латвияда жойлашган нашрнинг суриштирув журналисти бўлган Иван Голунов 6 июнь куни Москвада наркотиклар савдосида гумонланиб ҳибсга олинган эди.