Ўзбекистонда ҳар куни ўртача ҳисобда 6 нафар одам йўлларда ҳалок бўлади

Иллюстратив сурат.

Ўзбекистонда ҳар куни ўртача ҳисобда 6 нафар одам йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида ҳалок бўлади. “Ҳуррият” газетаси 12 июнь куни мана шу ҳақда хабар берди.

Нашрнинг ёзишича, ўтган йили 6 236 та йўл-транспорт ҳодисаси юз берган. Бу ҳодисаларда 2 262 киши ҳалок бўлган ва 8 458 киши тан жароҳати олган.

“Ҳалокатларнинг аксар қисми Сурхондарё, Жиззах, Бухоро вилоятлари ва Қамчиқ довонида содир бўлаётгани” билдирилди.

Газетанинг ҳайдовчиларга таяниб ёзишича, йўл-транспорт ҳодисаларининг кўплаб содир этилаётганига йўлларнинг жаҳон стандарти талабларига тўла жавоб бермаслиги, йўл белгиларининг кўпчилиги нотўғри ўрнаштирилаётгани сабаб бўлмоқда.