Оқдарё туман ҳокими автомашинасига "мигалка" ўрнатгани учун жаримага тортилди

Иллюстратив сурат.

Самарқанд вилоятидаги Оқдарё тумани ҳокими Феруз Абилов хизмат автомобилига стробоскоп ўрнатгани учун жаримга тортилди.

ЎзАнинг 13 июнь куни хабар беришича, халқ тилида “мигалка”деб аталадиган стробоскоп давлат рақами 30 330 SAA бўлган «Каптива»нинг олд қисмига ўзбошимчалик билан ўрнатилган. Бу ҳақда Оқдарё туман Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасига чора кўриш талаби билан мурожаат қилинган.

ЎзА бошқармага ким, қачон ва қандай сабабларга кўра мурожаат қилгани ҳақида маълумот бермади.

Аммо хабарда, маъмурий ҳуқуқбузарлик туман ҳокими билан боғлиқ эканлиги учун “турли баҳоналар билан инкор қилинишига ҳаракат сезилди”, деб таъкидланади.

“Шундан сўнг ушбу ҳолат Самарқанд вилоят ИИБ ЙҲХБ бошқармасида муҳокама қилинди ва бошқарма раҳбарияти аралашуви натижасида ҳуқуқбузарлик юзасидан маъмурий баённома расмийлаштирилди”, дейилади хабарда.

Ҳоким жаримани тўладими ёки тўламадими, деган савол ҳам ҳозирча очиқ қолмоқда.