Озарбайжонда журналист давлатга хиёнатда айбланиб қамоққа олинди

Озарбайжондаги қамоқхоналардан бири.

Озарбайжонда журналист Полад Асланов давлатга хиёнатда айбланиб қамоққа олинди. Бу ҳақда 13 июнь куни Давлат хафсизлик хизмати маълум қилди.

Асланов xeberman.com ва press-az.com ахборот сайтларининг таъсисчиси ва бош муҳаррири ҳисобланади.

Расмий маълумотга қараганда, тергов Асланов хориж сафарларида чет эл махсус хизматлари вакиллари билан махфий равишда учрашганини ва улардан хизмати учун ҳақ олганини иддао қилмоқда.

Озарбайжон махсус хизматига кўра, Асланов хориж давлатлари махсус хизматлари вакиллари билан бошқа журналистларни ҳам таништирган.

Ҳуқуқ фаоллари Озарбайжонда ҳукумат журналистларни турли баҳоналар билан таъқиб қилиб келаётганини айтадилар.

“Чегара билмас мухбирлар” халқаро ташкилотининг 2019 йил учун эълон қилинган рейтингида Озарбайжон сўз эркинлиги бўйича жаҳондаги 180 давлат орасида 166-ўринда туради. 2018 йилда Озарбайжон мазкур рейтингда 163-ўринда эди.