Исроилда Дональд Трамп номидаги қишлоқнинг тамал тоши қўйилди

Исроил Бош вазири Бинямин Нетаняҳу тамал тоши қўйиш маросмида.

Исроил Бош вазири Бинямин Нетаняҳу 16 июнь куни «Трамп тепалиги» деб номланган қишлоқ қуриладиган жойнинг рамзий тамал тошини қўйди.

Мазкур қишлоқ Исроил томонидан босиб олинган Ғўлон тепалигида барпо этилади. Президент Трамп жаҳон ҳамжамияти қаршилигига қарамай, 2019 йилнинг мартида Ғўлон тепалигини Исроил ҳудуди сифатида тан олган эди. Ўшанда Исроил ҳукумати бу ҳудудга қуриладиган қишлоққа Трамп номи берилишини билдирган.

Исроил 1967 йилда олти кунлик уруш натижасида Сурияга қарашли 1800 квадрат километрли Ғўлон тепаликларини босиб олган эди. 1981 йилда Исроил Ғўлон тепаликларини аннексия қилганини расман билдирган. Халқаро ҳамжамият бу аннексияни тан олган эмас.

Шунга қарамай, президент Дональд Трамп 25 март куни АҚШ Ғўлон тепаликларини Исроил ҳудуди деб тан олиш тўғрисидаги қарорни имзолади.