Ҳонконгда 2 миллион норози ҳукумат истеъфосини талаб қилмоқда

Ҳонконгда норозилик намойишлари 9 июнда бошланган.

Ҳонконгда 16 июнь куни 2 миллионга яқин одам маҳаллий ҳукумат истеъфосини талаб қилиб, намойишга чиқди.

Ҳонконгда қонунни бузган ҳонконгликларни Хитойга экстрадиция қилишга рухсат берувчи қонун лойиҳасига қарши ўтказилаётган намойишлар 9 июнда бошланган эди. Ўшанда 1 миллионга яқин одам намойишга чиққан.

Бир ҳафта тўхтамаган намойишлар ортидан Ҳонконг ҳукумати мазкур қонун устида ишлашни тўхтатди.

Ҳонконг ҳукумати бошлиғи Кэрри Лам 16 июнда баҳсли қонун лойиҳасини кўриб чиқиш ўз вақтида тўхтатилмагани учун аҳолидан узр сўради.

1842 йилдан бери Британия бошқарувида бўлган Ҳонконг 1997 йилда Хитой тасарруфига ўтказилган. Ўшанда Хитой Ҳонконг суд ва ҳуқуқ тизимига камида 50 йил мустақил бошқарув берилишини кафолатлаган. Бироқ сўнгги йилларда Хитой бу ваъдасини эсидан чиқармоқда ва мухторият ишларига аралашмоқда.

Ҳонконгда сўнгги марта бу каби йирик намойиш 2014 йилда бўлиб ўтганди. Ўшанда шаҳар аҳолиси Бейжиннинг Ҳонконг маҳаллий ҳокимиятига ўтказилган сайловни ўз назоратига олиш уринишига қарши норозилик билдирган. 2014 йилнинг 28 сентябрида бошланган бу намойиш 79 кун давом этганди.