Ўзбекистонлик 52 одам ёниб кетган автобуснинг эгаси судланмоқда

Ўзбекистонлик 52 йўловчи ёниб кетган автобус.

Ўзбекистонлик 52 йўловчи ёниб кетган автобуснинг эгаси Ордухан Мехтиевга нисбатан суд жараёни гувоҳлар келмаётгани учун бир неча марта қолдирилди.

Sputnik нашрининг билдиришича, 20 июндаги навбатдаги суд мажлисида судья гувоҳларни мажбуран олиб келиш тўғрисида қарор чиқарди. Жараён Туркистон вилояти Сариагаш тумани судида бўлиб ўтмоқда.

2018 йилнинг18 январь куни Самара-Чимкент автойўлининг Ақтўбе вилоятидан ўтадиган қисмида автобусда кетаётган 52 нафар Ўзбекистон фуқароси тириклайин ёниб кетганди.

Бу воқеадан сўнг автобус эгаси Ордухан Мехтиевга нисбатан жиноят иши очилган, бироқ у Ўзбекистонга қочиб ўтиб, яширинган. Шундан сўнг у халқаро қидирувга берилган эди.

Ақтўбе суди ўтган йил 9 ноябрда автобуснинг уч ҳайдовчисини беш йилга озодликдан маҳрум этган. Суд уларни эҳтиётсизлик оқибатда одам ўлдириш ва автобусда ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузишда айбдор деб топган эди.

Ордухан Мехтиев эса 1 декабрь куни Ўзбекистонда қўлга олинган. У декабрь ойи охирларида Қозоғистоннинг Чимкент шаҳрига экстрадиция қилинган.