Грузия пойтахти Тбилисида Россияга қарши кайфиятдаги минглаб норозилар 23 июнь куни ҳам намойишларни давом эттирдилар. Улар қатор давлат амалдорларининг истеъфога кетишини талаб қилмоқдалар.
Норозилар «Россия оккупант», «Ватанимнинг 20 фоиз ҳудудини Россия босиб олган» каби шиорларни кўтариб чиқдилар.
Намойишлар 20 июнь куни Тбилисида ўтган Православ парламентлараро анжуманида Россия депутати Сергей Гаврилов ташкилот раиси сифатида Грузия парламенти раиси ўрнида ўтириб сўзлагани ортидан бошланиб кетган эди.
Ўша кунги намойишларда полиция ва норозилар ўртасида юз берган тўқнашувларда ўнлаб одамлар жароҳатланган.
21 июнь куни эса Беларусга сафар қилган Грузия президенти Саломе Зурабишвили зудликда ватанига қайтишга мажбур бўлган эди.
-Айни пайтда Грузияда вазият мураккаб, шунинг учун мен Грузияда бўлишим шарт деган қарорга келдим. Мамлакатда бирорта воқеа юз берса, давлат раҳбари ўша ерда бўлиши лозим. Шунинг учун мен бу ердан кетиб, ўз халқим билан бирга бўлишим керак,-деди Зурабишвили.