Москвада тожик муҳожирлари оммавий равишда овқатдан заҳарланди

Иллюстратив сурат.

Россиядаги фабрикалардан бирида ишлаётган тожикистонлик меҳнат муҳожирлари оммавий равишда заҳарланиб, касалхонага ётқизилди. Озодлик радиоси тожик хизматининг билдиришича, воқеа 22 июнь куни Москва яқинидаги Одинцово шаҳарчасида юз берди.

«Тез ёрдам» машиналари 50 нафарга яқин тожикистонликни касалхонага олиб кетган. Улардан икки нафарининг аҳволи оғир бўлиб, реанимацияда сақланмоқда.

Тожикистон меҳнат вазирлигининг Россиядаги ваколатхонаси матбуот котиби Иброҳим Аҳмаднинг айтишича, айни пайтда касалхонада 12 муҳожир даволанмоқда. Қолганларга эса уйда даволанишга рухсат берилган.

Дастлабки маълумотларга қараганда, тожикистонликлар ўзлари ишлаётган фабрика ошхонасида тайёрланган овқатни еб заҳарланишган.

Фабрика раҳбарияти, тожиклар қовун еб заҳарланишганини иддао қилмоқда. Бироқ муҳожирлар қовун сотиб олишга пуллари бўлмаганини айтмоқдалар.

Мазкур фабрикада 200 нафар тожикистонлик меҳнат қилади.