Тошкентда Ғалаба боғини барпо этиш ишлари бошланди (ФОТО)

Президент Шавкат Мирзиёев Ғалаба боғи лойиҳаси билан танишди.

Тошкент шаҳрининг Олмазор туманида Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 75 йиллиги муносабати билан Ғалаба боғи барпо этилади.

Президент матбуот хизматининг билдиришича, 25 июнь куни президент Шавкат Мирзиёев мазкур ҳудудда бўлиб, Ғалаба боғи юзасидан тегишли кўрсатмаларни берган.

– Бу боғ халқимизнинг Ғалабага қўшган ҳиссасини намоён этиши, ота-боболаримизнинг қаҳрамонлигини абадийлаштириши керак. Бу ерда Иккинчи жаҳон уруши муҳити, ватандошларимиз қатнашган жанглар ҳақида маълумотлар акс этиши зарур, – деди Шавкат Мирзиёев.

Лойиҳага мувофиқ, боққа киришда рамзий дарвоза шаклида Ғалаба аркаси бунёд этилади.

Боғда уруш даври манзаралари, жумладан, окоп ва блиндажлар, палаткалар, дала ошхоналари ва бошқа лавҳалар акс этган композицион мажмуалар қурилади.

Ўша даврдаги ҳарбий техника ва қурол-яроғлар кўргазмаси очиқ осмон остидаги музей вазифасини ўтайди. Шунингдек, музей, кутубхона, Wi-Fi зона, амфитеатр ва кинотеатр ташкил этилади.