Бош прокуратура беш ойда содир этилган жиноятларнинг 97 фоизи фош этилганини иддао қилди

Иллюстратив сурат.

Бош прокуратуранинг билдиришича, беш ой мобайнида жиноятлар сони ўтган йилниниг шу даврига солиштирганда учдан бирга қисқарган.

2018 йилнинг январь-май ойлари оралиғида 17484та жиноят содир этилган бўлса, жорий йилда бу кўрсаткич 12171тани ташкил қилди. Бош прокуратуранинг билдиришича, бу жиноятларнинг 97 фоизи фош этилган.

Айни пайтда айрим жиноят турлари сони кўпайгани ҳам қайд этилган. Масалан, 2019 йилнинг январида қонунчиликка валюта ноқонуний айланмасига оид жиноятларга жазо чоралари кучайтирилганига қарамай, бу каби жиноятлар сони 1,5 баробарга кўпайган.

2018 йилнинг январь-майида валюта ноқонуний айланмаси учун 187 одам қўлга олинган бўлса, 2019 йилда 312 ҳолат рўйхатга олинди. Ноқонуний валютачилардан 2 миллион доллар мусодара қилинди.

Жорий йилнинг беш ойи мобайнида Ўзбекистонга хориж давлатларидан қидирувда бўлган 130 нафар шахс қайтарилди.