БМТ гиёҳванд модда истеъмол қилувчилар тахмин қилинганидан 56 фоиз кўп эканини аниқлади

Иллюстратив сурат.

БМТнинг наркотиклар ва жиноятчиликка қарши кураш бўйича бошқармаси жаҳонда гиёҳванд моддаларнинг бир тури бўлган опиоидларни истеъмол қилувчи одамлар сони аввал тахмин қилинганидан 56 фоизга кўпроқ эканини маълум қилди.

Бошқарма ҳисоботида айтилишича, бу ҳолат Ҳиндистон ва Нигериянинг аҳоли зич яшайдиган минтақаларида ўтказилган йирик ижтимоий сўров натижасида аниқланган. БМТ бошқармасига кўра¸ опиоид истеъмол қилувчилар сони 53 миллион 400 минг одамдан кам эмас.

Опиоидларни табиий ўсимликлар, масалан, кўкноридан ҳам, кимёвий усул билан ҳам тайёрласа бўлади.

Ҳисоботда таъкидланишича, 2017 йилда Колумбияда кокаин ишлаб чиқариш 25 фоизга кўпайган ва 1976 тоннага етган.

Айни пайтда Афғонистонда қурғоқчилик туфайли афюн етиштириш 25 фоизга камайган ва 2018 йил ҳолатига кўра, 7 790 тоннани ташкил қилган.