Саудия Яманда "Ислом давлати" гуруҳи амири қўлга олинганини билдирди

Яман пойтахти Санодаги бир кўча.

Саудия Арабистони “Ислом давлати” гуруҳининг Ямандаги амири махсус амалиёт пайтида қўлга олинганини билдирди.

Расмий баёнотда айтилишича, амир Абу Усома ал Муҳожир “Ислом давлати” гуруҳининг бир неча дала қўмондони ва жангарилари билан бирга қўлга олинган.

Саудия Арабистонининг Ямандаги ҳарбий вакили бўлган полковник Турки ал Маликийнинг маълум қилишича, амалиёт 3 июнь куни Саудия ҳарбийлари ва Яманнинг халқаро ҳамжамият тан олган ҳукуматига қарашли махсус отряди ҳамкорлигида ўтказилган.

Яманда 2014 йилда Хутий шиа исёнчилари бошлаб берган фуқаролар уруши оқибатида шу кунгача 10 минг одам ҳалок бўлди, 3 миллион одам ўз уйини ташлаб кетди. Саудия Хутий исёнчиларига қарши 2015 йилнинг 26 мартидан уруш олиб бормоқда.