Reuters: Ғарб махсус хизматлари хакерлари “Яндекс”га ҳужум уюштирди

Reuters агентлиги ғарб махсус хизматлари билан алоқада бўлган хакерлар Россиянинг “Яндекс” интернет -сервисига ўтган йилнинг кузида ҳужум қилгани ҳақида хабар берди.

27 июнда тарқатилган хабарда айтилишича, хакерлар “Яндекс” фойдаланувчилари маълумотларини кузатиб борувчи жосуслик дастурини сиздирганлар.

Манбаларга кўра, хакерлар сервиснинг фойдаланувчиларни авторизация қилувчи тизими ҳақида техник маълумотларни қўлга киритмоқчи бўлганлар.

"Яндекс" расмий вакили Reuters агентлигига сервисга қилинган ҳужум ўз вақтида ҳозиржавоблик билан қайтарилганини ва фойдаланувчиларга таҳдид мавжуд эмаслигини билдирди.

Агентликнинг уч нафар манбаси хакерлар Regin дастуридан фойдаланганини билдирган.

“Мазкур дастур АҚШ, Британия, Австралия, Янги Зеландия ва Канада махсус хизматлари томонидан хакерлик ҳужумларида қўлланилади”, деб ёзди Reuters.

Бу мамлакат Миллий хавфсизлик вакиллари агентликка маълумот беришдан бош тортганлар.