Иркутскдаги сув тошқини оқибатларини бартараф этишга ҳарбийлар жалб этилмоқда (ВИДЕО)

Иркутск вилоятидаги сув тошқинларида 4 мингдан кўпроқ уй сув остида қолди.

Иркутск вилоятининг бешта туманида минглаб уйларни босган сув тошқини оқибатларини бартараф этишга ҳарбийлар жалб қилинди.

Марказий ҳарбий округнинг махсус отряди 30 июнда Нижнеудинск шаҳрига жўнатилди. Ҳарбийлар бу шаҳарга Кемерово вилоятидан махсус техникалар билан етиб келгунларича минг километрдан кўроқ йўл юришлари лозим.

29 июнь куни Фавқулодда вазиятлар вазирлиги сув тошқинлари оқибатида камида беш одам ҳалок бўлгани, икки одам бедарак йўқолгани, 130 одам касалхонага ётқизилганини маълум қилган эди. Минглаб одамлар хавфсиз ҳудудларга эвакуация қилинди.

ТАСС агентлиги тошқинлардан 4 мингдан ортиқ уй, 16та йўл, 13та кўприк ҳамда 27 қишлоқ ва шаҳар зарар кўрганини хабар қилди.

Ўзанидан тошган Ия дарёси тўғонни бузиб ташлади ва Тулун шаҳрида сув кўп қаватли уйларнинг иккинчи қаватигача кўтарилди.