Афғонистондаги портлашда олти одам ўлди ва 116 одам яраланди

Портлашда яраланганлардан бири.

Афғонистон пойтахти Кобулда бомба ўрнатилган автомашина портлатилиши оқибатида 6 одам ҳалок бўлди 116 одам яраланди.

1 июль куни содир этилган портлаш учун масъулиятни Толибон ўз зиммасига олди.

Мазкур портлаш Толибон расмий вакиллари Қатарда Афғонистондаги 18 йиллик урушга барҳам бериш мақсадида АҚШ билан ўтказаётган музокараларнинг учинчи кунида содир этилди.

-Толибон гуруҳи ҳужум учун масъулиятни ўз зиммасига олди. Бу уларнинг Афғонистонда тинчлик ва барқарорлик масаласига бефарқ муносабатларини англатади. Лекин Афғонистон ҳукумати учун биринчи галдаги вазифа тинчликка эришишдир,-деди президент матбуот котиби Сиддиқ Сиддиқий.

Портлашдан сўнг бир соат ўтгач, Мудофаа вазирлиги комплекси олдида Толибон жангарилари билан бир неча соатлик отишма бўлди. Отишма пайтида беш нафар жангари ўлдирилди.

Кобулнинг Пули Маҳмудхон мавзесида бўлган портлаш зарбасидан икки километр наридаги уйлар ҳам титраган.