Етакчи давлатлар Эронни ядровий шартномага қайтишга чақирди

Эрондаги ядровий иншоот ичидаги ускуналар.

Жаҳоннинг етакчи давлатлари Эронни 2015 йилда имзоланган шартномага қайтишга чақирди.

Германия, Британия ва Франция ташқи ишлар вазирлари 2 июль куни эълон қилган қўшма баёнотда Эрон “ортга қайтишга ва бундан буён ядровий шартноманинг бузилишга олиб келувчи ҳаракатлардан тийилиш”га чақирилади.

Франция президенти Эммануэль Макрон ва Британия Бош вазири Тереза Мэй ҳам Теҳрон “ядровий шартнома юзасидан ўз мажбуриятларига амал қилишда давом этиши шарт” деб ҳисоблашларини билдирдилар.

2015 йили Эрон билан ядровий дастури борасида эришилган келишувда тинч мақсадда фойдаланиш учун бойитиладиган уран миқдорига чеклов қўйилган эди.

2018 йили олти томонлама келишувдан чиққанини эълон қилган АҚШ президенти¸ Эронга нисбатан иқтисодий санкцияларни қайта жорий қилди.

Бунга жавобан жорий йилнинг 8 май куни Теҳрон мазкур келишув шартларига бундан сўнг амал қилмаслиги¸ хусусан¸ уранни бойитиш миқдорини кўпайтиришини билдирган.