АҚШ Покистондаги “Балужистон озодлик армияси” гуруҳини террор ташкилоти деб топди

Балужистон озодлик армияси” айирмачи гуруҳи жангарилари.

АҚШ Покистонда фаолият юритувчи “Балужистон озодлик армияси” айирмачи гуруҳини террор ташкилоти деб топди. Бу ҳақда 2 июль куни АҚШ Давлат департаменти маълум қилди.

Департамент баёнотида эндиликда Вашингтон гуруҳ ҳарбий ҳужумларни режалаштириш ва амалга ошириш учун лозим бўлган ресурслардан фойдаланишини чеклаши айтилади.

Баёнотда, шунингдек, “Балужистон озодлик армияси” “қуролланган айирмачи гуруҳ бўлиб, асосан Балуж ҳудудларида хавфсизлик кучлари ҳамда оддий фуқароларни нишонга олади“, дейилади.

АҚШ Давлат департаменти билдирувида гуруҳ 2018 йилнинг августида Балужистон вилоятида хитойлик муҳандисларга, 2018 йилнинг ноябрида Карачидаги Хитой консуллигига ҳамда 2019 йилнинг май ойида Покистоннинг Гвадар шаҳрида люкс меҳмонхонага ҳужум қилгани айтилади.

Айирмачилар Балужистонда вилоят бойликларини одиллик билан тақсимлашни талаб қилиб, узоқ йиллардан бери курашиб келади.

Вилоятда бошқа жангари гуруҳлар ҳам бор. Янги тузилган “Балуж Ражи Аажой Сангар” гуруҳи 18 апрелда автобусга ҳужум қилиб, 14 йўловчини ўлдирди.

12 апрель куни эса Кветта шаҳрида худкуш ҳужуми 20 одам ўлимига сабаб бўлган эди.