Юнусободда дарахтлар кесилиши оқибатида давлатга 163 миллион сўмдан кўпроқ зарар етказилди

Иллюстратив сурат.

Тошкентнинг Юнусобод туманидаги 4-мавзеда дарахтлар ноқонуний равишда кесилаётгани аниқланди. Бу ҳақда Давлат экология қўмитаси маълум қилди.

Хабарда билдирилишича, қўмита мутахаcсислари дарахтлар кесилаётгани ҳақида 4 июль куни Telegram орқали хабардор қилинганлар. Текширув натижасида дарахтларни кесиш Metin Kommunal Servis компанияси раҳбари томонидан уюштирилгани аниқланган.

“Инспекцион текширув натижасида диаметри 68,7 см, 69,1 см, 51,2 см, 61,4 см ва 78,3 см бўлган 5 туп дарахт ноқонуний кесилгани, яна 11 туп дарахтга қисман шикаст етгани аниқланди”, дейилади расмий билдирувда.

Атроф-муҳит ва ўсимлик дунёсига етказилган умумий зарар 163 миллион 663 минг 929 сўмга баҳоланди. Ишга оид материаллар прокуратура органларига тақдим этилди.