ВДНХдаги Ўзбекистон павильони 10 июлда Бош вазир иштирокида тантанали очилади

ВДНХ павильонининг бош фонтани.

Москвадаги ВДНХда Ўзбекистон павильонининг расмий очилиш маросими 10 июль куни бўлиб ўтади.

ТАССнинг хабар беришича, 10 июль куни Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов Москвада ҳамкасби Дмитрий Медведев билан савдо-иқтисодий ҳамкорлик ва инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан музокаралар ўтказади. Шу куни тушдан кейин Арипов Россия Бош вазири ўринбосари Ольга Голодец билан биргаликда ВДНХда Ўзбекистон павильонининг очилиш тантанасида иштирок этади.

ВДНХда Ўзбекистон павильони СССР даврида Ўзбекистоннинг мулки ҳисобланган. Озодлик радиоси 2013 йилда Ўзбекистон ҳукумати павильондан воз кечгани тўғрисида бундан бир неча йил олдин хабар берганди. Ўшанда Ўзбекистон бу ташаббусни иқтисодий жиҳатдан мақсадга номувофиқ деб ҳисоблаган эди.

2019 йилнинг 19 май куни Россия Маданият вазири Владимир Мединский ВДНХдаги Ўзбекистон павильонида реставрация ишлари олиб борилаётганини ва павильон муддатсиз фойдаланиш учун Ўзбекистонга берилишини билдирганди.

1937 йили Сталин томонидан совет халқ хўжалиги ютуқларини кўз-кўз қилиш мақсадида ташкил этилган ВДНХнинг номи СССР тарқаганидан кейин Бутунроссия кўргазмалар маркази деб ўзгартирилган эди.

Путиннинг собиқ иттифоқни қайта тиклаш амбициялари кучайиши ортидан 2013 йилда 520 гектарлик бу ҳудудга яна советча ВДНХ номи қайтарилди.

Аксар постсовет давлатларида СССР ва Россиянинг империявий иддаоларини тамсил қилувчи рамзлар тақиқланган. Хусусан¸ Украина 2014 йилда ВДНХдаги ўз номидаги павильондан воз кечган.