Мирзиëев мустақилликнинг 28 йиллигини байрам қилиш ҳақида қарор чиқарди

Шавкат Мирзиëев 8 июль куни “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма саккиз йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарорга қўл қўйди.

Қарорга мувофиқ¸ мустақилликнинг 28 йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича республика комиссияси тузилади.

Бу комиссияга “бир ҳафта ичида “Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон!” деган бош ғояни ўзида мужассам этган ташкилий-амалий, маънавий-маърифий тадбирлар ҳамда тарғибот-ташвиқот ишлари дастурини ишлаб чиқиш” топширилган.

Бу дастурдан мақсад¸ қарорда таъкидланишича¸ ўзбекистонликларга “охирги йилларда” (айнан қайси йиллар эканига очиқлик киритилмаган – таҳр.) улар ҳаëтида рўй берган “ижобий ўзгаришлар” моҳиятини етказишдир.

Шу мақсадда комиссияга бутун Ўзбекистон бўйлаб аҳоли билан “маърифий учрашувлар, очиқ мулоқот ва суҳбатлар, адабий-бадиий кечалар, долзарб мавзулар бўйича фикр алмашувлар, маданий тадбирларни” ташкил этиш вазифаси юклатилган.

Мустақилликни байрам қилиш жараëнида қатор давлат тизимларига “Ягонасан, муқаддас Ватан!”¸ “Энг улуғ, энг азиз”, “Ранглар жилосида – она диёр”, “Ватан учун яшайлик!” деб номланган турли республика кўрик-танловларини ўтказиш топширилган.

Байрам тадбирлари харажатлари¸ қарорга кўра¸ “Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда маҳаллий бюджетлар ҳамда ҳомийлик хайриялари ҳисобидан; Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджети маблағлари ҳисобидан тенг улушларда қопланади”.

Оддий ўзбекистонликлар йиллардан бери мустақиллик ва Наврўз каби давлат режаси асосида нишонланадиган байрам тадбирларининг асосий молиявий ва ташкилий оғирлиги ўз зиммаларига тушиб келаëтганини айтади.

Каттаю кичик тадбиркорлар ҳокимликлар томонидан маъмурий босим орқали “ҳомийлик”ка мажбурланаëтганини айтса¸ бюджет ташкилотлари ходимлари¸ хусусан¸ таълим ва соғлиқни сақлаш тизими ишчилари асосий иши қолиб¸ байрамолди қилинадиган ободонлаштириш ва бўяб-бежаш ишларига мажбурланаëтганини айтиб келади.