Эрон билан танглик фонида АҚШ муҳим кема йўлларини ҳимоялаш учун ҳарбий коалиция тузмоқчи

АҚШ Теҳрон билан зиддият авж олаётган бир пайтда Эрон ва Яман соҳиллари яқинидан ўтадиган муҳим кема йўлларини ҳимоя қилиш учун ҳарбий коалиция тузишни режалаштирмоқда.

9 июль куни АҚШ Бош штаби раҳбари, генерал Жозеф Данфорд Пентагон коалицияни ҳарбийлар ҳамда кузатиш мосламалари билан таъминлашини билдирди. Коалицияга аъзо бўладиган давлатлар АҚШ қўмондонлиги кемалари яқинидаги ҳудудни ҳамда Араб яримороли ҳамда Африка бурни ўртасидаги ҳудудда тижорий кемаларни ҳимоя қилади.

- Ҳормуз ҳамда Боб ул-Мандаб бўғозларида навигация эркинлигини таъминлаш учун коалиция тузиш мақсадида бир неча мамлакат билан музокара олиб борямиз, - деди Данфорд.

АҚШ Бош штаби раҳбари коалицияга неча давлат аъзо бўлиши кутилаётганини очиқламади.

- Кичик ҳиссалар ёрдамида кичик миссияни йўлга қўйсак бўлади. Кейинчалик эса қатнашиш истагидаги давлатлар ўз ниятларини изҳор қилишлари ортидан миссияни кенгайтира оламиз, - деди генерал.