Фақат 5 та олийгоҳга 24 соат давомида ҳужжат топшириш мумкин

Ўтган ҳафта Давлат хизматлари агентлиги ОТМларга ҳужжатни 24 соат давомида топшириш мумкинлигини эълон қилган эди. Озодлик мобил мухбири Тошкентдаги бир қанча олийгоҳларга бориб вазиятни ўрганди. Маълум бўлишича, олийгоҳлар соат 19:00дан кейин ҳужжат қабул қилишни тўхтатмоқда. Жумладан, Низомий педагогика университети, Шарқшунослик, Жаҳон тиллари олийгоҳларида соат 19:00дан бошлаб қабул тўхтатилаётгани аниқланди. ​“Эрталаб соат 5:00да келинг. Келиб навбат оласиз. Университет дарвозаси соат 7:30да очилади. Кейин ўша навбат орқали ҳаммага “номер” тарқатилади. Кейин шу “номер” орқали навбатингиз келганда ҳужжат топширасиз”, деди педагогика олийгоҳи ходими. Давлат хизматлари агентлигига кўра, айни пайтда агентлик орқали мамлакат бўйича фақат 5 та олийгоҳга кечаю кундуз ОНЛАЙН тарзда ҳужжат топшириш мумкин:

1. Тошкент давлат юридик университети;

2. Қорақалпоқ давлат университети;

3. Гулистон давлат университети;

4. Фарғона давлат университети;

5. Самарқанд давлат университети;

Давлат Тест маркази ўзининг Телеграмдаги саҳифаси орқали онлайн ҳужжат топширишга оид қуйидаги маълумотларни эълон қилди:

  • Шунчаки абитуриентлар паспорт ва дипломининг серияси ва рақамини, шахсий идентификация рақамини (ПИН ФЛ) киритса кифоя, бошқа нарса керак эмас. Паспорт ва дипломларнинг сканери ҳам шарт бўлмайди, рақамларини киритса бўлди;

  • Лайфхак: мабодо кимдир паспорти ва дипломини йўқотиб қўйган бўлса ва янгисини олишга улгурмаслигига кўзи етса, унда онлайн ҳужжат топширсин. Ҳеч кимга ҳужжат кўрсатиш шартмас, рақамларини билсангиз кифоя. Имтиҳонга эса паспорт столдан олинган вақтинчалик паспорт (09-шакл) билан кирса бўлади;
  • Ягона порталдан ҳужжат топшириш хизмати текин бўлади;
  • Фақат ўтган йили тугатган абитуриентлар Ягона порталдан ҳужжат топширмоқчи бўлса, 101.365 сўм тўлов қилинади;
  • Ягона портал орқали аввал ҳужжат топширганлар йўналишини ўзгартира олмайди! Бунинг учун қабул комиссиясига бориш керак;
  • Ягона портал орқали рўйхатдан ўтишда ўта ҳушёр бўлиш керак, маълумотлар нотўғри киритилса, уни портал орқали тузатиб бўлмайди. Бунинг учун давлат хизматлари марказига бориш керак;
  • Қуйидаги абитуриентлар онлайн ҳужжат топшира олмайди:
    - алоҳида имтиёзга эга бўлганлар (яъни турли мукофот соҳиблари, олимпиада ғолиблари ва ҳ.к.);
    - фуқаролик паспорти бўлмаган шахслар (масалан, 16 ёшга тўлмаганлар);
    - фуқаролиги бўлмаган шахслар.

    Ушбу тоифадагилар давлат хизматлари марказига шахсан ўзлари боришлари шарт.

Мамлакатдаги барча олийгоҳлар фақат бир кун: ҳужжат топширишнинг охирги куни - 15 июль куни соат 24:00гача ишлайди.

Бу ҳақда Озодлик мобил мухбири суҳбатлашган Тошкентдаги олийгоҳлар ходимлари маълум қилишди.

Айни пайтда мамлакат бўйлаб деярли барча олийгоҳларда узундан -узун навбатлар давом этмоқда.