Тожикистон шарқида сел туфайли кўприк бузилди, уйлар сув остида қолди

Иллюстратив сурат.

Кучли сел оқибатида Тожикистон шарқидаги Сангвор туманида кўприк бузилди, уйлар ва йўллар сув остида қолди.

Озодлик радиосининг тожик хизмати Ёзганд қишлоғи турғунларидан олинган маълумотга таянган ҳолда табиий офат бир нечта уйни вайрон қилгани, ғалла ва сабзавот экинларини ювиб кетгани ҳақида хабар қилади.

Тожикистон ҳукумати қошидаги Фавқулодда вазиятлар ва фуқаро мудофааси қўмитасининг 15 июль куни маълум қилишича, махсус комиссия Сангвор томон йўлга чиққан.

Ўтган ҳафта қўмита аҳолини иссиқдан огоҳлантириб, одамларни эҳтиёткорликка чақирган. Муассаса баёнотида кун исиб кетиши баланд тоғ ҳудудларида муз ва қорларнинг эришига сабаб бўлиши ҳамда дарёларда сув ҳажмининг ортишига олиб келиши, бу эса, ўз навбатида, сел ва кўчкиларга сабаб бўлиши мумкинлиги урғуланган.

Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг март ойида Сангвор туманида қор кўчкиси оқибатида камида 10 та уй вайрон бўлган эди.