Қирғизистон пойтахти Бишкекда “Рақамли трансформация шароитида оммавий ахборот воситаларидаги эркинлик ва плюрализм” деб номланган Марказий Осиё медиа анжумани бўлиб ўтмоқда.
Конференция Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти томонидан ташкил этилган. Тадбирда Марказий Осиё ва Мўғулистондан 100 дан зиёд журналист ва медиа таҳлилчи иштирок этмоқда. Конференция давомида рақамли ўзгаришлар даврида оммавий ахборот воситаларининг роли, ЕХҲТ ҳудудида очиқ ва хавфсиз Интернет фазосини ташкил этиш ҳамда сўз эркинлигига хавф туғдираётган омиллар муҳокама қилинади.
Форум очилишида нутқ сўзлаган ЕХҲТнинг матбуот эркинлиги бўйича вакили Арлем Дезир рақамли трансформация сўз эркинлиги учун янги потенциал пайдо қилганини урғулади. ЕХҲТ вакили Марказий Осиё мамлакатлари учун сўз эркинлиги алоҳида аҳамият касб этишини таъкидлаб, бу борада давлат идоралари билан бирга ҳал қилиш лозим бўлган кўплаб масалалар борлигини қайд этди.